Сайт тест режимида ишламоқда
« Ёнғин хавфсизлигини
таъминлаш - энг устувор вазифа! »
Функция ва вазифалари
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг асосий вазифалари ва функциялари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг асосий вазифалари ва функциялари

Қуйидагилар ёнғин хавфсизлиги хизмати асосий вазифалари ҳисобланади:

ёнғинлар профилактикасини ташкил этиш ва ўтказиш;

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида ва бошқа ҳудуд ва объектларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаш;

ёнғинларни ўчиришни ташкил этиш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш, шунингдек атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш;

ёнғин хавфсизлиги хизмати булинмалари ходимлари малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ёнғинлар профилактикасини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлайди;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилишида иштирок этади;

техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоида ва бошқа ёнғин хавфсизлиги талабларини ўз ичига олган норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасида ёнғинга қарши тарғиботни, ўқитишни ва ахборот билан таъминлашни амалга оширади;

ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари ҳисобини юритади;

ёнғин хавфсизлигининг илмий-техник жиҳатдан таъминланишини мувофиқлаштиради;

белгиланган тартибда ёнғин хавфсизлиги соҳасида лицензиялашни амалга оширади ва сертификатлаштиришда иштирок этади;

модда, материаллар, буюм ва асбоб-ускуналарнинг ёнғин хавфсизлигини ҳамда ёнғин-техник маҳсулотларни тадқиқ қилиш ва синаш ишларини ташкил этади ва ўтказади;

б) ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга ошириш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида, бошқа ҳудуд ва объектларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаш соҳасида:

давлат ёнғин назоратини амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги талабларидан асосли равишда четга чиқилган ёки бундай талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда бинолар, иншоотларни ва бошқа объектларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир лойиҳа ҳужжатларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишига тааллуқли қисмини кўриб чиқади;

қурилиш учун майдонлар (трассалар) танлаш (ажратиш) комиссиясининг, шунингдек қурилиши (реконструкцияси) тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш комиссиялари ишида иштирок этади;

объектларнинг қўриқланишини, шу жумладан алоҳида муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда (кейинги ўринларда алоҳида муҳим объектлар деб аталади) белгиланган тартибда таъминлайди;

в) ёнғинларни ўчиришни ташкил этиш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш, шунингдек атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш соҳасида:

ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ёнғинни ўчириш техникаси ва бошқа техника воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга оширади;

ёнғинни ўчиришни ташкил этиш, ёнғин хавфсизлиги гарнизон ва смена хизматини олиб бориш меъёрий ҳужжатларини ҳамда ёнғинни ўчириш булинмалари фаолиятини белгиловчи ҳужжатларни ишлаб чиқади;

ёнғинни ўчириш куч ва воситаларини жалб этишнинг тезкор ва бошқа режалари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминлайди;

техноген хавф, портлаш ва ёнғин хавфи юқори бўлган зоналар (объектлар) бўйича давлат кадастри юритилишини амалга оширади;

барча турдаги ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларининг ёнғинларни ўчиришга шайлиги ҳолати ва ёнғинлар профилактикасига доир ишларнинг бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

бошқа турдаги ёнғиндан сақлаш хизматлари, ваколатли органлар, авария-таъмирлаш ва бошқа шошилинч хизматлар билан ёнғинларнинг ўчирилишини ташкил этишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги хизматининг фуқаро муҳофазаси, ёнғиндан сақлаш хизматининг фуқаро муҳофазаси махсус тузилмаларининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги тадбирларини ташкил этади, шунингдек фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш тизимида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича функцияларни бажаради;

идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ҳисоботини юритади;

г) ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш соҳасида:

ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқарув органлари ва бўлинмалари тизимида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйишни амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги ва ёнғиндан сақлаш хизмати бошқа турларининг шахсий таркибининг дастлабки касбий, психологик, жисмоний тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда ёнғин амалий спорти ривожлантирилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси воситачилигида ёнғин хавфсизлиги соҳаси бўйича, шу жумладан ёнғин хавфсизлиги хизматининг офицерлар таркибини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласи бўйича хорижий давлатларнинг олий ёнғин-техник таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.

 

17.07.2018
406
Календар
Сентябрь 2017
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Сўровномалар
Қандай мавзулардаги янгиликлар сизни бошқалардан кўра кўпроқ қизиқтиради?
  • Содир бўлган ёнғинлар ҳақида маълумотлар
  • Жиноятчиликка оид янгиликлар
  • ИИВ янгиликлари
  • Халқаро ҳамкорлик
  • Менга барибир

Ёнғин болалар нигоҳида
Болаларни қаровсиз қолдирманг