Сайт тест режимида ишламоқда
« Ёнғин хавфсизлигини
таъминлаш - энг устувор вазифа! »
ДЁХХ тарихи

Ўзбекистон Республикасида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматини ташкил этиш ва ривожлантириш 

Т А Р И Х И

Ислом дини Ўрта Осиёга кириб келгунга қадар одамлар Зардуштий динига, яъни унинг асоси бўлмиш оловга сиғинганликлари тарихдан маълум. Қадимда Ўрта Осиёдаги эл-элатлар учун олов бемисл куч-қудратга эга бўлган ва барча маросимлар унинг атрофида ўтказилиб келинган. Улар олов ҳаммасига қодир ва унинг олдида барча нарса ожиз, борлиқдаги воқеа-ҳодисалар у билан боғлиқ деб ўйлашган. Инсон ақлу идроки, тафаккури олов олдида ожиз бўлганлиги боис ҳам унга қарши ҳеч ким чора кўролмаган. Даврлар ўтиши ва одамларнинг борлиққа онгли муносабатда шаклланиши вужудга кела бошлаши билан оловга нисбатан муносабатлар ҳам ўзгара бошлади. Бу муносабатлар айниқса, Ўрта Осиёда Ислом дини жорий этила бошланган даврларда кескин ўзгарди. Оловда ҳеч қандай илоҳий қудрат йўқлигини билган кишилик жамияти унга сиғинишдан қолиб, рўзғор ишларида фойдалана бошладилар. Афсуски, вақти келиб одамзот оловдан ёвуз мақсадларда ҳам фойдалана бошлади. Олов ёвуз ниятли кишиларнинг ҳимоя воситасигина эмас, ҳужум қилиш, ўлдириш воситаси ҳам бўлган. Бунга тарих шоҳидлик беради.

XII аср охирлари XIII аср бошларида дунёни забт этиш мақсадларида улкан қўшин тузиб, барча мамлакатлар, халқлар қатори Ўрта Осиёга бостириб кирган Чингизхон шаҳарлару қишлоқлар, қалъаларга ҳужум пайтида оловли пайконлардан кенг фойдаланган, босиб олинган жойларга ўт қўйдириб, аҳолисини қиличдан ўтказишга буйруқ берган. Унинг қўп сонли тиш-тирноғигача қуролланган қўшини 1220 йилнинг баҳорида Бухоро шаҳри устига юриш қилиб, уни 12 кеча-ю кундуз қамал қилган, ёндириб, кулини кўкка совурган, шаҳар мудофаачиларини эса аёвсиз қиличдан ўтказган. Тирик қолганларини эса пешанасига қуллик тамғасини босиб, олис юртларга олиб кетган. Кўҳна Самарқанд шаҳрини эгаллаш учун олиб борилган жангларда ҳам олов Чингизхон ва унинг ёвуз қўшинлари учун катта куч воситаси бўлиб хизмат қилган. Бундай босқинчилик юришлари ҳақида ўз даврида муаррихлар тарихий маълумотлар қолдирганлар.

Улар орасида генерал Черняев қўмондонлигидаги чор қўшинларининг 1865 йилнинг апрель ойида Тошкент устига юриш қилганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам борки, бу ҳақда тўхталиб ўтиш лозим бўлади.

1865 йилнинг 28 апрелида Черняев Чирчиқ дарёси яқинидаги Ниёзбек қалъасини жанг билан эгаллаб олди ва Тошкентни сув билан таъминлаб турган Анҳорни Чирчиқ дарёсига бурдириб юборди. Натижада шаҳар аҳолиси сувсиз ва озиқ-овқатсиз қолди. Шунда ҳам шаҳар мудофаачилари душманга таслим бўлмади. Улар истилочиларга қарши мардонавор жанг қилдилар. Уларга Қўқондан ёрдамга келган Алимқул бошлиқ қўшин мадад берди. Афсуски, замонавий узоққа отувчи тўплар ва найзали милтиқлар билан қуролланган ҳамда босқинчилик юришларида катта тажриба орттирган чор аскарлари шаҳарга тўхтовсиз ўт очиб, қамиш бостирмали уйлар, айвонлар, чойхоналару маҳаллаларни ёндириб юбора бошлашди. Бир тарафдан сувсизлик ва очлик, иккинчи томондан душман отган снарядлардан аланга кўтарилиб, мудофаачилар кучларини қирқа бошлади. 17 июнда Черняев аскарлари шаҳарга бостириб кириб, мудофаачиларни қиличдан ўтказа бошлади. Ўша жанглар пайтида хонадонларда, саройлар ва бозорларда кўтарилган ёнғин аҳолига катта кулфатлар келтирган. Черняев эса Тошкентни забт этганлиги учун оқ подшо томонидан мукофотланган.

Тошкент босиб олингач, 1865 йилда Туркистон вилояти Оренбург генерал-губернаторлигига қўшиб олинган. 1867 йилда эса мустақил Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил топди ва унга генерал К.П.Кауфман губернатор этиб тайинланди. Чор Россиясининг Туркистонга мустамлакачилик сиёсати бошланган эди.

Шубҳасиз, ўша даврларда Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати замирида Ўрта Осиё, жумладан, Туркистон заминидаги моддий бойликларга эгалик қилиш, бу ерда хом ашё базаси яратиб, уни ўз саноат корхоналарига ташиб олиб кетишдек мақсадлар ётарди. Бу мақсадларни амалга ошириш учун эса Чор ҳукумати маблағни аямаган. Туркистоннинг қимматбаҳо бойликларини ташиб олиб кетиш сиёсатини ҳатто Россиянинг зиёлилари ҳам тан олишган. Жумладан, рус ёзувчиси Салтиков-Щедрин ўзининг "Жаноб Тошкентликлар" романида рус капиталистларининг Туркистон аҳлига тегишли мол-мулкларни зўравонлик йўли билан талаб, олиб кета бошлашганлигини ошкора баён этган эди. Турон замин аҳолиси, унга тегишли моддий-маънавий бойликларни ёнғинлардан асраш эса генерал-губернаторлик, унинг тобелигидаги уездлар, волостлар бошлиқлари иш фаолиятининг бирор тармоғида учрамайди.

Чор ҳукумати босиб олинган музофотларда, жумладан, Туркистон (ҳозирги Ўзбекистон) ҳудудларида ёнғинга қарши жамиятлар ёки ўт ўчирувчилар гуруҳларини ташкил этилишидан хавфсирар, уларга маблағ ажратишни давлат учун ортиқча харажат, деб ҳисобларди. Қолаверса, Туркистон аҳолисини, ер-мулкларни ёнғинлардан муҳофаза этишни Чоризм ўз зиммасига олишни истамасди. Янада аниқроқ таъриф шуки, Туркистоннинг унумдор ерларидан олинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари - пахта, ғалла, боғ экинлари ҳосилларини, айниқса, ер ости қазилма бойликларини, олтин ва кумуш каби қимматбаҳо маъданларни Россияга ташиб олиб кетилиши биринчи галдаги ва асосий вазифа ҳисобланарди. Шу мақсадларда Туркистон генерал-губернаторлигига муайян топшириқ ва кўрсатмалар берилганди. Қолаверса, 1867 йилда Россия ҳарбий вазири Д.Милютин ва подшоҳ маслаҳатчиси В.Гирс томонидан "Туркистон ўлкасини бошқариш тартиби" ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Россия Вазирлар Кенгашида тасдиқланганди. Ушбу қонун пайсалга солинмай амалда жорий этилди. Қонунга кўра, Туркистон генерал-губернаторлиги Кенгаши ва тўрт бўлимдан иборат Маҳкама тузилди. Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий маркази Тошкент шаҳрида ўша кезларда сал кам юз минг нафарга яқин аҳоли яшар, ҳудудда 270 та маҳалла, 310 та масжид, 17 та мадраса, 11 та ҳаммом, 15 та дўконли сарой ва иншоотлар бор эди. Маҳаллий аҳоли асосан ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ҳамда боғдорчилик билан шуғулланган. Шаҳарнинг 12 дарвозасидан савдо карвонлари Тошкентга, унинг асосий савдо маркази бўлган Чорсуга (ҳозирги "Эски Жува" деҳқон бозори ўрни) кириб келган. Савдо карвонларидан олинган бож ва солиқлар маҳаллий хокимлик орқали Чор Россияси ғазнасига бориб тушган. Туркистоннинг унумдор серсув ерларида кенг пахтазорлар барпо қилиш ва пахта хом ашёсини ташиб олиб кетиш Чор ҳукуматининг бу ўлкага бўлган иқтисодий сиёсатининг ўзагини ташкил этган. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ўлкада маданият, илм-фанни ривожлантириш ва иқтисодий юксалиш учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳақида ўйлаш Чоризм учун ёт тушунчалар бўлгани каби, мавжуд бино ва иншоотлар ҳамда турар жойларни ёнғин офатларидан муҳофаза этиш Чор маъмурияти сиёсатига ёт эди. Аммо, ҳар қандай сиёсат ёнғин офати олдида ожиз ва шу сабабли ҳар қандай давлат ва унинг бошқарув идоралари ёнғинларни олдини олиш ва содир бўлган ёнғинни бартараф этиш ишига узоқ вақт лоқайд қараб туролмайди. Чунки, ўз иқтисодий омиллари, моддий бойликларини асрашни истаган давлат охир-оқибатда ёнғинларга қарши курашга мажбур бўлади. Туркистонда, унинг маъмурий маркази Тошкентда ҳам ўт ўчириш жамоа (команда)ларининг вужудга келиши ўлкада содир бўлиб турган ёнғинлар туфайли, бу масалага эса Чоризмнинг Туркистондаги маъмурлари жиддий қарашга мажбур бўлганлар. Масалан, 1868 йилнинг 11-16 октябрларида Тошкентнинг "Қашқар" ва "Кўкча" маҳаллаларида, 1893 йил май ойида "Зангиота" маҳалласи ҳамда Бешёғоч даҳасида, 1879 йилнинг августида Самарқанддаги 7-қоровуллик саройида ёнғин содир бўлиб, уни ўчиришнинг иложи бўлмаган. Бундан маҳаллий аҳоли жабр тортган. 1902 йилда Тошкентда содир бўлган ёнғинлардан Чор ҳукумати 300 минг рубль моддий зарар кўрди. Қаерда ёки кимнинг хонадони, ё бино-иншоотда содир бўлганлигидан қатъий назар, ўт ўчирувчилар жамоалари бўлмаганлиги сабабли ёнғинлар маҳаллий ҳукуматни ташвишга келтирмай қолмади. Чор амалдорлари ўз тасарруфларидаги ерларда ёнғинлар содир бўлишига бефарқ қараб туролмаслиги аён бўлиб қолганди. Чунки, ёнғин уларни текин даромаддан маҳрум этиши мумкин эди. Шунга кўра, Туркистон генерал-губернаторлиги рухсати билан 1897 йилда Тошкентда руслардан иборат илк кўнгилли "Озод ўт ўчириш жамияти" ташкил этилган. Унинг Низоми Тошкент шаҳар Думасида бир неча марта кўриб чиқилиб, 1897 йил
15 майда қабул қилинган. 81 банддан иборат бу Низомда жамиятнинг мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгилаб берилган. Жамиятни молиялаштириш аъзоларнинг ойлик бадаллари ҳисобидан бўлган. Аммо у ёнғинларни бартараф этишда етарлича самара бермаганлиги, Туркистонда ёнғиндан сақлаш хизматининг такомиллашишига таъсир кўрсата олмаганлиги туфайли 1908 йилда маъмурлар томонидан тарқатиб юборилганди.

Махсус ўт ўчирувчилар жамоалари ташкил этилишининг ўзига хос сабабларидан яна бири ўлкада пахта саноатини кучайтириш, заводлар, уларни маблағ билан таъминловчи банкларни ташкил этишга эътибор кўчайганлиги, бундан Чор ҳукумати манфаатдорлиги ошганлигидир. Туркистонни пахта конига айлантириш ва пахта хом ашёси билан ишловчи корхоналарни кўпайтириш ўша даврга хос бўлган муҳим сиёсатлардан биридир. Шу сабабли ҳам XIX асрнинг 80-йиллар бошидаёқ пахтанинг маҳаллий навлари ҳосили 3 миллион пудга етган, шунинг 700 минг пуди Россияга олиб кетилганлиги тарихдан маълум. 1884 йилда Каспий орти темир йўли қурилгандан кейин рус корчалонлари пахтанинг узун толали Америка навларини экишни жорий қила бошлашган. 1889 йилдан
1916 йилгача узун толали Америка навлари экилган майдонлар 50 минг гектардан 343 минг гектарга етган. Тарихий манбааларда келтирилишича, XIX асрнинг 80-йиллари охири ва 90-йиллар бошларида ўлкада дастлабки ижарага бериладиган корхоналар вужудга келган, пул маблағини қарзга берувчи банклар, муассасалар очилган. Шубҳасиз, пахтачилик ва пахта саноатининг вужудга келиши, молия идораларининг ташкил этилиши ўз-ўзидан уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва ёнғинлардан муҳофаза этишни ҳам талаб этарди. Бу вазифани кўнгилли ёнғин ўчирувчилар жамоалари бажара олмас, махсус молиялаштирилган ихтисослаштирилган ёнғиндан сақлаш жамоаларигина бажариши мумкин эди. Таассуфки, ана шундай ҳолатда ҳам Туркистон генерал-губернаторлиги ёнғиндан сақлаш хизматини такомиллаштириш, ёнғин ўчирувчилар жамоаларини етарлича шарт-шароитлар билан таъминлаш бўйича бирорта ҳам кўрсатма бермади ва бу масалада лоқайдлик кўрсатди. Фақат марказдан бинолар, турар жойлар, иншоотлар ва муассасаларнинг ёнғинга қарши ҳолатларини назорат этиш юзасидан юборилган унча кўп бўлмаган меъёрий ҳужжатларни қайта нашр этиш ва тарқатиш билан чегараланиб қолинган, холос.

Чоризм даврида Туркистонда, жумладан, Тошкент шаҳрида фаолият олиб борган ўт ўчирувчилар – брандмейстерлар, деб аталиб, улар ихтиёрига сув тўлдирилган бочкали от-аравалар бериб қўйилган. Полиция маҳкамаси назоратида турган ўт ўчирувчилар жамо­алари ойлик йиғилган бадаллар ҳисобидан молиялаштирилган. Аммо, Чор Россияси Ев­ропа мамлакатларига нисбатан саноати қолоқ бўлганлиги боисидан ҳам подшо ва унинг ҳукумати нафақат Туркистон ўлкаларида, ҳатто ўз ҳудудларида ҳам ўт ўчирувчилик хизмати тизимини шакллантиришда етарлича салоҳиятга эга эмасди. Модомики, дунё бўйича ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳаётий бош масалалардан бирига айланиб бораётган бир даврда, яъни XIX асрнинг охирлари XX аср бошларида Туркистондагина эмас, Чор Россиясининг ўзида ҳам ёнғинга қарши кураш ишига совуққонлик кўрсатилиб келинган. Бундан кўпроқ ўша вақтларда жамиятнинг асосини ташкил этган камбағал фуқаролар азият чекишарди. Албатта, ёнғинга қарши кураш, содир бўлган ёнғинни бартараф этишнинг илк техника воситалари, уларга масъул кишилардан иборат жамоалар тарихи ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Асосий мақсад, республикамиз ёнғин хавф­сизлиги хизматининг олис ўтмиши ва бугунини ёритиш бўлганлиги боис ҳам тарихнинг айрим саҳифаларига яна бир карра тўхталиб ўтиш эътиборга моликдир.

Қадимдан Ўрта Осиёда, жумладан, Туркистоннинг кўпгина шаҳарларидаги ҳар бир маҳалла гузарида кундалик истеъмол учун катта сув ҳовузлари бўлган. Масалан, Тошкентдаги мавжуд маҳаллаларнинг барчасида азалдан аҳоли қишин-ёзин ичимлик сувдан фойдаланиш мақсадида махсус ҳовузлар ташкил этилган бўлиб, улар ҳар йили баҳор ва кўз ойларида тозаланиб, назоратдан ўтказилиб турилган. (У вақтларда ҳозиргидек, истеъмол қилиш учун алоҳида ер ости сув қувурлари бўлмаганлиги табиий!) Сувга чиқинди нари турсин, бирор хас-чўп ташлаш, тупуриш ўта оғир гуноҳ ҳисобланган. Ҳовузга қўл тиқиб сув олиш шариат ва тариқатда ман этилган. Кимгаки сув керак бўлса, ҳовуздан албатта, челак ёки кўзада, у ҳам бўлмаса, товоқда олишга рухсат этилган. Сувга чиқинди ташлаганлар маҳалла жамоаси ўртасида изза қилинган, бу таъсир қилмаган ҳолда шаҳар доруғаси ёки қозиси томонидан қаттиқ жазоланган. Ҳовузда, шунингдек шаҳар ўртасидан оқиб ўтувчи Кайковуз анҳорида отлар, молларни чўмилтириш қатъиян ман этилган. Сувни муқаддас санашган ва унинг тозалиги учун ҳар бир киши ўзини жавобгар ҳисоблаган. Ҳовузларга сув олиб келувчи ариқлар ҳамиша равон ва тоза сақланган. Ариқлар ва ҳовузларнинг то­залиги, сувга тўлиб туриши учун махсус кишилар жавобгар этиб тайинланганлар. Ўша кишилар устидан эса маҳалла оқсоқоли назорат қилиб турган.

Сув ҳовузлари айни бир вақтда бирор-бир дўкон ёки хонадонда ёнғин содир бўлиб қолганда уни ўчиришда асосий манбаа саналган. Ўт тушганда одамлар ҳовузлардан сув ташиганлар ва ёнғинни ўчирганлар. Бу бир ўзига хос тарих ва унинг замирида одамлар тақдирини, ҳаётини кўриш мумкин.

Кўпгина соҳа ходимлари Ёнғин хавфсизлиги хизматининг ташкил этилиши тарихи асосан 1918 йилда Россия Халқ комиссарлари Совети томонидан қабул қилинган "Ёнғинга қарши курашда давлат чораларини ташкил этиш тўғрисида"ги Декрет билан боғлиқ дейишади. Ўша ҳужжат эълон қилингач, ёнғиндан сақлаш бўлими ва мазкур бўлим кенгаши ташкил этилиб, унинг зиммасига ёнғиндан сақлаш ишларини олиб бориш ва умумий раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилган эди. Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида ёнғиндан сақлаш хизматини малакали мутахассислар билан мустаҳкамлашга катта эътибор берилиб, шу мақсадда 1919 йилнинг
15 октябридаги махсус кўрсатмага кўра, касбий ва кўнгилли ёнғин ўчириш жамоаларида хизмат қилаётган кишиларни Қизил Армияга хизматга чақириш вақтинча тўхтатилган. Бундай қарорга келинишининг ўзига хос сабабларидан бири фуқаролар урушлари оқибатларида вайрон бўлган халқ хўжалигини тиклаш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини йўлга қўйишдан иборат эди. Республика Давлат архивида сақланаётган ва ёнғин хавфсизлиги хизмати тарихига оид баъзи манбааларда 1917 йилда Тошкентда унча катта бўлмаган иккитагина ўт ўчириш жамоаси (команда) бўлган. Бири шаҳарнинг Эски шаҳар қисмида, собиқ "Спартак" ўйингоҳи, ҳозирги Эски Жува деҳқон бозори орқа тарафида бўлган ва унда 11 киши хизмат қилган. Жамоа ихтиёрига 7 та от, битта арава, учта ёғоч бочка ва бошқа аҳамиятга эга бўлмаган анжомлар ажратилган. Иккинчи жамоа эса шаҳарнинг янги қисмида, Гогол кўчасида бўлиб, унинг аъзолари 40 кишидан иборат бўлган. Бу жамоа хўжалигига 16 та от берилган. 1921 йилда эса Туркистон Республикаси Халқ комиссарлари Советининг "Ўт ўчирувчилар командалари шахсий таркибини Қизил Армия орти озиқ-овқатлари билан таъминлашга ўтказиш тўғрисида" қарори қабул қилинган. Ҳудди шу йили Тошкентда ўт ўчирувчи техникларни тайёрлаш курслари ташкил этила бошланган. Республиканинг кўпгина шаҳарлари ва қишлоқларида озод ўт ўчирувчилар жамоалари ташкил этилиб, ўлкада ёнғиндан сақлашни мустаҳкамлаш мақсадларида бирмунча имтиёзлар берилган. Ҳудди ўша йили Туркистон Республикаси Ички ишлар Халқ комиссарлигида ёнғиндан сақлаш бўлими коммунал бўлимга айлантирилган. Бу бўлим зиммасига аҳоли уй-жойларини яхшилаш масалалари билан бир қаторда, ёнғинни ўчириш иши ҳам юклатилган. Шаҳарда комму­нал хўжаликни юритиш жараёнида ёнғиндан сақлаш ишини ташкил этиш ва бу тизимдаги жамоалар фаолиятини ташкил этиш ниҳоятда қийин кечганлигини ўша вақтлардаги архив ҳужжатларидан билиб олиш мумкин. 1921 йилнинг 19 мартида Республика Халқ комиссарлари Советида Туркистонда ёнғиндан сақлаш ишининг ёмон ташкил этилаётганлиги ва коммунал бўлим қониқарсиз йўлга қўйилганлиги тўғрисидаги масала муҳокама этилган ҳамда ёнғиндан сақлаш иши кескин танқид қилинганлиги ҳам бежиз эмасди. Мазкур ҳукумат мажлисида ёнғиндан сақлаш ишини самарали йўлга қўйиш ва уни керакли анжомлар билан таъминлаш, махсус ёнғин ўчирувчилар дружиналари таш­кил этиш масалалари муҳокама этилганди. Ёнғиндан сақлаш бўлимига керакли транспорт воситалари ва анжомлар етишмас, малакали мутахассислар деярли йўқ эди ҳисоб. Дастлабки ўт ўчирувчиларни тайёрлаш курсларининг ташкил этилиши ва унда ёшларнинг махсус ўқитилиши вақти келиб ёнғиндан сақлаш бўлимининг ривожида муҳим ўрин тутди. Бунда энг эътиборли жиҳат шундаки, ёнғиндан сақлаш ишининг ривожида халқнинг ёрдами катта бўлди. Маҳаллий кишилардан иборат озод ўт ўчирувчилар жамиятларининг ташкил этилиши ва уларнинг ёнғинларни ўчиришдаги фаол хизматлари Турки­стон Республикаси Ички ишлар Халқ комиссарлиги Ёнғиндан сақлаш бўлими ривожида катта роль ўйнади. Маҳаллий кишиларнинг ёнғинларни олдини олиш ва ёнғинга олиб келувчи ҳолатларга қарши курашдаги хизматлари тарихнинг алоҳида саҳифасига айланди. 1922 йилнинг 22 ноябрида озод ўт ўчирувчилар жамиятларининг Низоми ишлаб чиқилиб, қабул қилинганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки, ҳудудларда содир бўлиб турган ёнғинлар ҳукуматни ёнғин ўчирувчилар жамоаларини ташкил этишга мажбур қилганди. Қабул қилинган Низомга мувофиқ жойларда эркин ёнғинга қарши кураш жамиятларини ташкил этиш ва улар фаолиятини кучайтириб, ёнғинларни олдини олишга қаратилган барча тадбирий чораларни қўллаш халқ хўжалиги ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиб борди.

1922 йилда Тошкент шаҳар Советининг қарорига кўра, Тошкентнинг Хадра майдонига яқин, собиқ Тоштрам биносида ўт ўчирувчилар депоси ташкил топган ва у 12 кишидан иборат бўлган. 1930 йилда мазкур депо собиқ "Спартак" (ҳозирги Эски Жува деҳқон бозори) стадиони ўрнидаги эски бинода иш олиб борган. Депо бу ерда 1932 йилгача бўлган ва унга Акбарбеков (исми номаълум) раҳбарлик қилган. Депо ихтиёрида 2 та от ва сув тўлдирилган бочка ўрнатилган арава бўлган. 1932 йилда командага илк марта ГАЗ-АА русумли битта ўт ўчириш автомашинаси келтирилган. Бундай машина йил охирида 2 та бўлган. Команда ўша йилларда Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси қарамоғида бўлиб, 1936 йилда Республика Ички ишлар Халқ комиссарлиги (НКВД) тасарруфига ўтказилган. Ўша йили ўт ўчирувчилар жамоаси 5-ихтисослаштирилган ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш қисмига айлантирилиб, у Эски шаҳарнинг Сағбон кўчасидаги масжид биносига жойлаштирилган. Унга Ибрагимов (исми номаълум) раҳбарлик қилган. 5-ихтисослаш­тирилган ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш қисми
(5-ИҲУУҚ) шахсий таркиби учун ўша йилларда ҳеч қандай шароит бўлмаган. Жамоа кўчаларда кун кўрган. Ўзининг биноси бўлмаган.
1939 йилда А.С.Ишанов, 1939-41 йилларда Хасанов (исми номаълум),
1941-44 йилларда Абдуллаев (исми номаълум), 1944-56 йилларда Акбаров (исми номаълум) ко­мандага раҳбарлик қилишган. 1956 йилга келиб қисм тўла ҳарбийлаштирилди ва унга инспекция ҳам қўшиб берилган. Бу инспекция Халқ хўжалиги масканлари ва аҳоли хонадонларида ёнғинларни олдини олиш ишлари билан шуғулланган. 5-ИҲУУҚга 1956 йилга келиб ПМГ-1, ПМГ-5, ПМГ-6, ЗЗС ёнғин ўчириш автоуловлари олиб келинган. Ички хизмат капитани Г.И.Тарантин қисм бошлиғи этиб тайинланган.

1957 йилда қисмга ЗИС-150 шассисидаги битта ПМЗ-17 автоулови берилган. Янги ёнғин ўчириш автомашинаси келтирилиши туфайли
786 кишилик шахсий таркиб сони қисқартирилиб, командада 74 киши қолдирилган. 1957 йил декабрь ойида қисмга ички хизмат капитани А.Бекбулатов раҳбар этиб тайинланган. 1958 йилда эса ички хизмат майори Ҳ.Рахмонов раҳбарлик қилган.

Собиқ Октябрь, ҳозирги Шайхонтохур тумани Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида биринчилардан ташкил топган ҳудуди бўлиб, ундаги барча давлат хўжалик ва идоралари, ташкилотлари ҳамда аҳоли хонадонларини ёнғинлардан муҳофаза этиш вазифаси мустақил ўт ўчириш қисми (бу вақтга келиб 5-ИҲУУҚ шундай номлана бошлаган) зиммасига юклатилган. Қисм Эски шаҳарнинг бозор ҳудудида, Сағбон кўчасидаги эски бинода иш кўрган. 1966 йилда кучли зилзила рўй бериб, мазкур бино бузилиб кетгач, қисм учун Чиғатой дарвозасига олиб чиқувчи собиқ, Университет кўчасининг Матлубот тор кўчаси, ҳозирги академик Обид Содиқов кўчасидаги хонадонлар ўрнида янги икки қаватли, катта ҳовли саҳнига, бешта ёнғин ўчириш автомашинаси йўлагига эга бўлган бино қуриб берилди. Қисм 1970 йилда шу ерга кўчиб ўтди. Бу вақтга келиб собиқ Октябрь, мустақиллик йилларида асл тарихига асосланиб, Шайхонтохур тумани деб атала бошланган ҳудудда Ёнғиндан сақлаш бўлими иш кўра бошлади. Мустақиллик йилларига келиб, Шайхонтохур тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлими шахсий таркиби янги ёнғин ўчириш автомашиналари билан тўла таъминланди. Хизмат биноси таъмирдан чиқарилиб, шахсий таркиб малакали ёш ходимлар билан мустаҳкамланди. 2001 йил 25 июнда Республика Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш тадбирлари тўғрисида"ги қарори чиққач, 5-МУУҚ негизида туман ИИБ ЁХБ 7-ҲЁХО 13-ҲЁХҚ ташкил топди ва унда штат бирликлари белгиланди. Ислоҳотлар натижасида туман ИИБ ЁХБ штат бирлигига катта ўзгартишлар киритилиб тасдиқланди ва уларга малакали ёшлар тайинланди.

Мустақиллик йилларида туман ҳар жиҳатдан камолга етди. ХХ асрнинг 40 ва 50-йилларидаги Эски шаҳар тамомила ўзгариб, туманда янгидан янги замонавий бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш тармоқлари. ташкилотлар ва муассасалар қад ростлади. Эндиликда туманда 17 та олий ва ўрта махсус ўқув юрти, 10 та соғлиқни сақлаш маскани, 6 та маданий дам олиш уйи, 49 та мактаб ва 42 та мактабгача таълим муассасаси, 12 та маҳалла гузари ва ўнлаб савдо-саноат тармоқлари мавжуд. Ҳар жиҳатдан обод бўлиб бораётган қадимий туман халқ хўжалиги ва унда яшовчи фуқароларнинг осойишта турмуш кечиришини таъминлашда туман ИИБ ЁХБ ходимлари етарлича шарт-шароитлар ҳамда тажрибага эга бўлди.

Қайси давр ёки тузум бўлишидан қатъи назар ёнғинга қарши кураш, мулкни ёнғиндан муҳофаза этиш масаласи ҳаётий масала бўлганки, унга эътиборсиз қараб ўтиш ёки та­рих саҳифасидан ўчириб ташлаш сира мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан Туркистон Республикаси харитада "Ўзбекистон ССР" деб кўрсатилган 1924 йилда унинг шаҳарлари ва бошқа ҳудудларидаги барча ёнғинга қарши воситалар рўйхатга олинганлигига архив ҳужжатлари шоҳидлик беради. Ўша йилнинг маълумотларига кўра, янги Ўзбекистон ССР ҳудуди 312.394 квадрат километрдан иборат бўлган ва бу ҳудудда ўша даврда керакли анжомлар билан таъминланган 10 та ўт ўчириш жамоаси иш олиб бораётганди. Жорий этилган коммунал бўлим қошидаги ўт ўчирувчилар тайёрлаш курслари мунтазам равишда мутахассислар тайёрлаб бера бошлаганди. Тўғри, бу курслар ҳозирги кундагидек олий маълумотли ҳамда етарлича ихтисосликни эгаллаган мутахассисларни тайёрлаб бериш салоҳиятига эга бўлмаган ва шундай бўла олмасди ҳам. Бу табиий. Ўша вақтлардаги курслар бугунги олий таълимнинг илк қадамлари бўлган холос. Мажозий маънода айтилганда, курсларни тамомлаган кишилар ёнғиндан сақлаш бўлимининг дастлабки қалдирғочлари ҳисобланишган. Уларда Европа мамлакатларидагидек юқори қувватда ишлайдиган двигателли насослар, ўт ўчириш автомашиналари, махсус тирсакли нарвонлар бўлмаган, кийим-бошлар ва енгликлар эса етарлича эмасди. Моддий-техника таъминотидаги етишмовчиликларга қарамай ўт ўчирувчилар жамоаларидаги энг муҳим фазилат бу касбга фидойилик бўлган. Ана шу фидойилик туфайли Ички ишлар Халқ комиссарлиги қошидаги коммунал бўлим ўз зиммасидаги вазифани адо эта олган.

Маълумотларга қараганда, 1924-25 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг 85 фоизи қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган ва Республикадаги суғориладиган ерларнинг умумий майдони 1.195 минг десятинадан иборат бўлган. 1923-24 йилларда Ўзбекистонда етиштирилган пахта хом ашёси
10 миллион пудни (СССРнинг умумий пахта ҳосилининг 70 фоизи) ташкил этган. Республиканинг Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларида улкан миқдорда ҳўл мева, сабзавот маҳсулотлари етиштирилган. Ўзбекистон ССР ташкил топгач, давлат тасарруфидаги чорвачилик ҳам ривожлана бошлаган. Ўша йилларда республикага кириб келган саноат тармоқлари асосан енгил саноат корхоналари 185 та бўлиб, уларда 8,7 минг киши ишлаган. 39 та пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш, 35 та озиқ-овқат корхонаси фаолият олиб борган. Фуқаролик урушларидан кейинги давр Халқ хўжалигида тикланиш даври бўлиб, бу жараёнда ўт ўчирувчилар жамоалари фаолиятини кўчайтириш масаласи ҳукумат олдидаги муҳим вазифага айлана борди. Шунга биноан 1926 йилда давлат ёнғин назорати жорий этилди. Унга ёнғинга қарши кураш, ёнғинга қарши чоралар ишлаб чиқиш, ҳисобга олиш ва ёнғин анжомларини тақсимлаш, ўт ўчирувчилар жамоалари ва бошқа ёнғиндан сақлаш ташкилотлари ишига раҳбарлик қилиш вазифалари юклатилган. Ёнғин назоратининг ташкил этилишига олиб келган омиллардан яна бири Ўзбекистонда индустрлаштириш ишлари бошланиб, аввал 1926 йилда ҳозирги Тошкент вилояти ҳудудида Бўзсувда, кейинроқ эса Самарқанд, Бухо­ро, Қўқон, Термиз ва Асака шаҳарларида гидроэлектр станцияларининг ишга туширилишидир. Бу ўша давр одамлари ҳаётидаги катта янгилик эди. Чунки, СССРнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам Халқ хўжалигини электрлаштириш ишлари жадал йўлга қўйилган ва бу саноатнинг ривож топишига, ўз навбатида корхона ва ташкилотларни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - пахта ва ғалла омборларини ёнғинлардан муҳофаза этувчи махсус хизмат жамоаларининг ташкил топиши ҳамда шаклланишидан дарак берарди. 1927 йилда эса давлат ёнғин назорати вазифалари ва ҳуқуқлари қонун йўли билан мустаҳкамланган.

20-йиллар охирлари 30-йилларнинг бошларида Фарғона, Марғилон ва Бухоро шаҳарларида дастлабки ипак мато ишлаб чиқарувчи фабрикалар ишлай бошлаган. Андижонда нефть қазиб чиқарила бошланганди. Саноатнинг бундай тармоқларини от-аравали сув бочкаси билан ёнғинлардан муҳофаза этиш жисмонан мумкин бўлмай қолди. Республика саноатига айни пайтда замонавий ўт ўчириш техникалари махсус автомашиналар керак бўлиб қолганди. 1931 йилда от-аравали ўт ўчириш воситалари ўрнини техника эгаллай бошлади. Ўша йили республикага Австрия, Германия фирмалари то­монидан ишлаб чиқилган дастакли ўт ўчириш автомашиналари Россия орқали олиб келинди. Бу машина "ПМЗ-1" русумли ёнғин ўчирувчи автомашина эди. (Унинг макет кўриниши Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани ИИБ ЁХБ қошидаги Илғор тажрибалар ва билимларни тарғиб этиш маркази ҳовлисида жойлашган). 1934 йилда эса Ўзбекистонда ёнғин-техник мактабига асос солинди. Бу мактаб йиллар ўтиши билан такомиллашиб, мамлакатга ўрта маълумотли мутахассислар тайёрлаб бера бошлади. Бу борада кейинги саҳифаларимизда батафсил фикр юритамиз.

1934 йилга келиб Ўзбекистон бўйича ёнғин ўчирувчилар командалари сони 20 тага етганди.

Инкор этиш мумкин эмас, 1934 йилда СССР Ички ишлар Халқ комиссарлиги таш­кил этилгач, унинг таркибига ёнғиндан сақлаш бош бошқармаси киритилди ва унга Иттифоқдош республикалардаги барча ёнғиндан сақлаш бўлимлари тобе этиб қўйилди. Бир сўз билан айтганда, жойлардаги ёнғиндан сақлаш бўлимларининг фаолияти марказлашган ҳолда бошқарилиб, ёнғинлар ва уларни бартараф этишга оид барча масалалар юқори орган томонидан ҳал этила бошланди. Республикамизда ёнғиндан сақлаш тизимини янги техника ва қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш каби йирик масалалар фақат марказ рухсати билангина амалга оширилар, маҳаллий мутахассисларни бирор лавозимга тайинлаш ёки тайинламаслик юқоридан туриб ҳал этиларди.

Ўтган асрнинг 30-йиллар воқеалари Республика ҳаётининг ажралмас қисми бўлган саноатнинг айрим тармоқлари кириб келиши ва қишлоқ хўжалигида коллективлаштириш, яъни якка хўжаликларнинг бирлаштирилиб, жамоалаштирилиши, заминдорлардан ерларни давлат йўли билан тортиб олиниб, давлат мулкига айлантирилиши каби туб ислоҳотлар билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги хизматининг дастлабки тизимлари бунёдга келтирилиши билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

Шундай қилиб, Шўролар ҳукумати томонидан эълон қилинган Халқ хўжалигини тиклашнинг биринчи беш йиллиги даврида ёнғиндан сақлаш ишига давлат миқёсидаги вазифа деб қаралиб, бу соҳада муайян ташкилий ишлар амалга оширилди.

1933 йилнинг 1 январида Тошкент шаҳар Ёнғиндан сақлаш бўлими бошлиғи Д.И.Кузовкин томонидан қисмларда кеча-ю кундузлик навбатчиликлар тўғрисида ва ҳарбий бўлинмалардаги каби ўт ўчирувчиларга ҳам ҳарбий нишон берилиши ҳақида буйруқ чиқарилади. 1934 йилнинг октябрида 3 та ёнғин станцияси қурилиши тўғрисида қарор қабул қилинади. 1936 йилга келиб Ўзбекистонда 1924 йилга нисбатан икки марта кўп - 20 та ўт ўчириш жамоаси (команда) бор эди. 1938 йил 6 майда СССР Халқ комиссарлари Совети қабул қилган махсус қарорда бошқа республикалар қатори Ўзбекистонда ёнғин назорати ва ёнғиндан сақлашни кучайтириш, ёнғиндан сақлашни қайта ташкил этиш, шаҳарлардаги корхоналарда ишчи-хизматчилардан иборат кўнгилли ўт ўчириш дружиналарини вужудга келтириш белгилаб берилган эди. Бундан мақсад саноат тармоқларида, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчиларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги иштирокини фаол йўлга қўйиш, аниқроғи меҳнат жамоалари вакилларини шу тизимга кўпроқ жалб этиш ва шу йўсинда корхоналарда ёнғинга олиб келувчи ҳолатларга барҳам бериш ва ҳар бир ишчининг жавобгарлигини кучайтириш эди. Ишлаб чиқариш жараёни қатъий назоратга олингани ҳолда корхоналар қошидаги ўт ўчириш жамоалари ҳарбийлаштирилди, ташкил этилган кўнгилли ўт ўчириш дружиналарининг фаолияти бир тизимга солиниб, раҳбарлик қилина бошланди. Бу ҳол айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентдаги ва республикамизнинг бошқа шаҳарларидаги Россиядан кўчириб келтирилган йирик саноат корхоналарида қаттиқ назорат остида олиб борилди. Ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш бўлинмаларининг ваколатлари кучайтирилди. Уруш йилларида Тошкентда қайта ташкил этилган ва ҳарбийлаштирилган ўт ўчириш бўлинмалари сони
12 тага етказилди, уларнинг 6 таси Авиасозлар, Тошкент тўқимачилик комбинати, Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кабель ишлаб чиқариш корхоналарида эди. Улар турли йўналишдаги 30 та ёнғин ўчириш автомобили билан таъминланганди. 1942 йилнинг 13 августидаги СССР
ХКС қарорига кўра, давлат ёнғин назоратининг ваколатлари янада кенгайтирилган. Ёнғин на­зорати ходимлари бу ваколатлар доирасида қишлоқ хўжалигида, айниқса, саноат кор­хоналарида ёнғинга олиб келувчи ҳолатларга йўл қўйган кишиларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўллай олишган. Республиканинг йирик шаҳарларида фаолият олиб бораётган ҳарбий қурол-яроғлар, кийим-бошлар, озиқ-овқатлар ишлаб чиқараётган кор­хоналарда уруш даври бўлганлиги боис ёнғин хавфсизлигига амал қилмаган кишилар­га нисбатан жазо чоралари қаттиқ бўлган. Халқ хўжалигининг барча тармоқларидаги ёнғин хавфсизлиги учун жавобгарлик 1944 йилгача В.Б.Николаев, 1944-47 йилларда эса Г.А.Антонов раҳбарлигидаги Ёнғиндан сақлаш бўлимига юклатилган ва бу бўлим ҳарбий қонун-қоидаларга мувофиқ иш олиб борган. Кишилар кеча-ю кундуз меҳнат қилишган. Кўпчилик эркаклар фронтга кетганлиги боис аёллар ҳам хизматга олинган, уларга тегишли ҳуқуқлар берилган. Урушдан кейинги тикланиш даврида, жумладан саноатда ва қурилишда, қишлоқ хўжалигининг пахтачилик ва ғаллачилик тизимларида ёнғиндан сақлаш ишларига яна махсус курсларда таълим олган йигитлар хизматга олина бошланган. Уларга бу даврга келиб янги ёнғин ўчириш автомашиналари, енгликлар, дастаклар, кийим-бошлар ҳамда хизмат бинолари ажратилиши йўлга қўйила бошланган. Хизмат тизимидаги янгиланишлар дастлаб Д.М.Матвеев 1948-52 йилларда, сўнг С.Т.Шабанов 1952-56 йилларда раҳбарлик қилган даврларда кўзга ташлана бошлади. Улар бошлаган техника таъминоти хизмат биноларини қуриш ишларини
1956-57 йилларда Ёнғиндан сақлаш бўлимига раҳбарлик қилган Н.Р.Ҳамидов, 1957-68 йилларда В.Е.Парадалар да­вом эттиришди. Бу йиллардаги ёнғиндан сақлаш хизмати шубҳасиз ўзининг техника ва кийим-бошлар, ихтисослик воситалари таъминоти жиҳатидан 30-йиллардаги хизмат ҳолатидан, қолаверса, шахсий таркиб малакаси жиҳатидан катта фарқ қиларди. Айниқса, 60 ва 70-йилларда Республика ёнғиндан сақлаш бўлими ўз ўтмишдошлари касбий мала­каси, техника ва бошқа воситалар билан таъминоти жиҳатдан катта ўзгаришларга эришди. Бунда 1968-78 йилларда бўлимга раҳбарлик қилган И.И.Старакожевнинг ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва касбий маҳорати катта аҳамиятга эга бўлди. И.И.Старакожев Республика ҳудудларида ёнғин ўчириш бўлинмалари ташкил этилиши ва уларни хизмат бинолари, ёнғин ўчириш автомашиналари, кийим-бошлар, хизматга керакли воситалар билан таъминланишига эътиборни кучайтирди. Унинг даврида ёнғин назорати ишлари касбий ихтисослик жиҳатдан юксалди, шахсий таркиб СССР ИИВ Ёнғиндан сақлаш Олий техник мактаби Тошкент факультетини тамомлаган ёш мутахассислар билан мустаҳкамлана борди.

Агар Тошкентда 1947 йилда Республика Ички ишлар бошқармаси Ёнғиндан сақлаш бўлими, 1958 йилда шаҳарни ёнғинлардан муҳофаза этувчи ҳарбийлаштирилган Ёнғиндан сақлаш отряди, 1968 йилда Тошкент шаҳар ижроия комитети жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг ҳарбийлаштирилган Ёнғиндан сақлаш бўлими, 1969 йилда Тошкент шаҳар ижроия комитети Ички ишлар бошқармаси Ёнғиндан сақлаш бўлими ташкил топган бўлса, 1978 йилга келиб, бу таркиб бошқарма мақомини олганди. Бошқарма мақомини олгунга қадар эса бўлим ўзоқ йўлларни босиб ўтди.

1956 йилдан ёнғиндан сақлаш бўлимининг бир вақтнинг ўзида Республика ИИВга ҳамда Маҳаллий Халқ депутатлари Советига бўйсиндирилиши масъулият ва талабнинг янада кучайганлигидан далолат берарди. Ўша йили маҳаллий ёнғиндан сақлаш идоралари жамоат тартибини сақлаш идоралари билан умумлаштирилганди. Туманларда милиция, ёнғин назорати ва ёнғиндан сақлаш бўлимлари бир-бирларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фаолият олиб боришарди. Бундай тартиб Ўзбекистонда 1966-68 йилларда амал қилган. Бундан ташқари ўша вақтларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғиндан сақлаш идоралари фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказлашган идора бўлмаган. Ҳозирги пайтда эса, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси (собиқ Ёнғиндан сақлаш бўлими) ва унинг вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги тизимлари фаолияти Ички ишлар вазирлиги, унинг жойлардаги бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

Ўша давр раҳбарлари хизматга яраша муносиб тақдирлаш катта самара беришини яхши тушунишган ва шу мақсадда собиқ Иттифоқ Олий Совети Президиуми томонидан 1957 йилда "Ёнғиндаги жасорати учун" медали таъсис этилган. 1973 йилнинг 1 январига келиб ана шу медалга Ўзбекистондан тақдирланган ёнғин ўчирувчилар сони 178 нафарга етган. Айни чоғда ёнғин назорати талабларини бажармаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида ҳам 1969 йилнинг 29 майида Ўзбекистон ССР Олий Сове­ти Президиумининг фармони чиққан. Шуни яна таъкидлаб ўтиш лозим, ўтган асрнинг 60-йилларида мамлакат Халқ хўжалигини ёнғинлардан муҳофаза этиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид бир қанча меъёрий ҳужжатлар, қарорлар ва кўрсатмалар қабул қилинганлиги давлат томонидан ёнғин назорати ва ёнғиндан сақлаш тизимига нақадар катта вазифалар, масъулият юклатила борилганлигидан далолатдир. Масалан, 1964 йилнинг 3 январида Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг ''Ёнғин хавфсизли­ги қоида талабларини бузганлиги учун жаримага тортиш тўғрисида", 1967 йил 12 майда "Меҳнаткашлар депутатлари Совети ижроия комитети қошида штатсиз ёнғин инспекторлари гуруҳлари ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги, 1968 йил 6 майда "Ре­спублика Кўнгилли ёнғин ўчирувчилар жамиятларига раҳбарлик қилишни яхшилаш

09.10.2018
432
Календар
Сентябрь 2017
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Сўровномалар
Қандай мавзулардаги янгиликлар сизни бошқалардан кўра кўпроқ қизиқтиради?
  • Содир бўлган ёнғинлар ҳақида маълумотлар
  • Жиноятчиликка оид янгиликлар
  • ИИВ янгиликлари
  • Халқаро ҳамкорлик
  • Менга барибир

Ёнғин болалар нигоҳида
Болаларни қаровсиз қолдирманг